БАҚ біз туралы

“Ырыс” – ёрдамга шай!

Вилоятимизда хўжаликларга ёрдам беришга доимо тайёр “Ырыс” кичик молия ташкилоти (КМТ)нинг мавжудлиги кўпчиликка маълум.

Жорий йил кўкламги дала ишларига КМТ 1,2 млрд. тенге ажратди. Республика бюджетидан КМТга 1,5 млрд. тенге берилди. 

“Ырыс” ҳар бир мижозга 16 млн. тенгегача насия беради, устама ҳақи 6 фоизгина. Асосий шарти – насияни ноябрь ойида, кузги йиғим-терим мавсуми битгач, қайтариш керак. Молия ташкилоти республика бюджетидан ажратилган маблағдан ташқари, ўз маблағи билан ҳам хўжаликларни қўллаб-қувватлаш имконига эга.

Насия олиш учун тегишли ҳужжатларни тўлдириш талаб этилади. Расмийлаштириш ишларини енгиллатиш мақсадида ҳар бир ҳудудда ташкилот филиаллари очилган. Ижтимоий соҳалар йўналишидаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида “Ырыс” КМТ директорининг ўринбосари Е. Сулешов шундай деди:

– Биз қишлоқлардаги кўчмас мулкни кафолатга оладиган ягона молиявий ташкилот ҳисобланамиз. Бу, албатта, қишлоқ одамлари учун айни муддао. Шунингдек, насия фоизининг арзонлиги туфайли бизнинг дастуримизда иштирок этувчиларнинг аксарияти – қишлоқ меҳнаткашлари. Насияни кўп ҳолларда чорвачиликни ривожлантириш учун берамиз. 2009-2016 йилларда чорвачилик соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга 16503,2 млн. тенге сарфланди. Шу билан бирга, биздан насия олган 2 мингдан зиёд фуқаро ўз қишлоғида хусусий иш очиш имконига эга бўлди. Улар мол бўрдоқилаш, экин экиш, сут фермасини очиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сервис хизмати кўрсатиш билан шуғуллана бошлади. 

“Ырыс” КМТ ўз фаолияти давомида 23 млрд. тенге миқдорида насия бериб келди. Насиядан насиба терганлар орасида қарзидан қутулиб, қайта насия олиб, бизнесини кенгайтирганлар жуда кўп. Шу туфайли қишлоқлардаги иш жонланиб, тадбиркорлик ривожланиб бормоқда, дейишимиз асосли, – деди ўринбосар.

Сўнгги беш йилда ҳудудларнинг агрошўъбага оид маълум бир соҳага мослашаётгани сезилади. Масалан, Мақтаарал тумани пахтали туман, бўлгани билан бу ерда “Ырыс” насияси эвазига сабзавот, полиз экинлари экилиб, иссиқхона мажмуаларини барпо этаётганлар сафи ортмоқда. Бугунги кунгача Мақтааралга КМТ орқали 3397,9 млн. тенге насия бўлинди. Ушбу маблағнинг 60 фоизи мол бўрдоқилаш майдончалари, оилавий сут фермасини очиш ҳамда хизмат кўрсатишга йўналтирилди.

Сайрам тумани ҳам кўп йиллардан буён Шимкент шаҳри аҳолисини гўшт ва сут маҳсулотлари, мева-сабзавот билан таъминлаб келади. Ташкилотнинг молиявий ёрдами туфайли туманнинг аграр шўъбаси жадал юксалиб бормоқда. 2009 йилдан бери Сайрамликлар 2371,2 млрд. тенге насия олишди. Ушбу маблағ маҳаллий оилаларнинг даромадларини орттириб, фаровон турмушга замин яратди.

2009 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Ырыс” КМТ ўз вазифасини астойдил бажариб келмоқда. Кичик молиявий хизмати туфайли қишлоқ турғунлари тадбиркорлик соҳасида пешқадам бўлмоқдалар.

Мухтабар УСМОНОВА., 2017-05-18, 11:54